Phytopthora Infestans замбуруғининг фитотоксик ва патогенлик хусусиятларини ўрганиш
Abstract
Ушбу мақолада Ўзбекистон шароитида етиштирилаётган картошка ўсимлигида фитофтороз касаллигини қўзғатувчи Phytopthora infestans замбуруғининг фитофтоксик ва патогенлик хусусиятларини ўрганиш бўйича 2017-2019 йилларда олиб борилган тадқиқотларимиз натижаси келтирилган бўлиб унда, картошканинг турли хил навларидан ажратиб олинган Ph.infestans замбуруғининг штаммлари картошка навларида фитотоксик ва патогенлик намоён қилиши тўғрисидаги маълумотлар келтирилган. Тадқиқот натижасида текширилган штаммлар орасидан картошканинг “Ақраб” навидан ажратилган 33, “Розара” навидан ажратилган 4, “Санте” навидан ажратилган 11 ва “Латона” навидан ажратилган 48 штаммлар энг фаол эканлиги аниқланди. Улар картошка туганакларидан ҳосил бўлган илдизларнинг ўсишини мос равишда 88,7, 89,2, 89,0, 89,3 фоизгача секинлаштирди. Ph. infestans замбуруғи штаммларининг патогенлик хусусиятлари ўрганилганда, маҳаллий шароитда аввалдан экиб келинган “Розара”, “Ақраб” ва “Романо” навларидан ажратилган 4, 33, ва 45-штаммлар бу экин турларини кучли зарарлади, яъни бу кўрсаткич мос равишда “Розара” навида 64,7 %, 62,3 %, 54,2 %; “Ақраб” навида 60,1 %, 66,8 %, 52,1 % ва “Романо” навида 53,8 %, 54,7 %, 59,6 % га тенг бўлди.
Keywords: картошка, Розара, Ақраб, Романо, Санте, Пикассо, Латона, касаллик, фитофтороз, Phytopthora